Бош саҳифа Мобил версияси Хира курадиганлар учунАлоқалар

Онлайн сўровнома

Сайтимизда қандай мавзулар ёритилиши керак деб биласиз?

Обуна бўлиш

Жамият ўзи жойлаштирган акцияларни акциядорлар Умумий йиғилишининг жойлаштирилган акцияларнинг бир қисмини олиш ва ушбу акцияларнинг умумий сонини камайтириш йўли билан Жамият Устав фондини камайтириш тўғрисидаги қарорига кўра, шунингдек уларни кейинчалик белгиланган тартибда қайта сотиш мақсадида Жамият Кузатув кенгашининг қарорига кўра олишга ҳақли.

Агар муомалада қолган акцияларнинг номинал қиймати Жамият Устав фондининг қонунчиликда назарда тутилган энг кам миқдоридан камайиб кетадиган бўлса, Жамият жойлаштирилган акцияларининг умумий сонини камайтириш мақсадида уларнинг бир қисмини олиш йўли билан Жамиятнинг Устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли эмас.

Акциядорлар Умумий йиғилишининг акцияларнинг умумий сонини камайтириш мақсадида уларни олиш йўли билан Жамиятнинг Устав фондини камайтириш тўғрисида қабул қилинган қарори асосида Жамият томонидан олинган акциялар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилинади.

Акцияларни олиш тўғрисидаги қарорда олинадиган акцияларнинг турлари, Жамият оладиган ҳар бир турдаги акцияларнинг сони, акцияларни олиш нархи, акциялар ҳақини тўлаш шакли ва муддати, шунингдек акциялар қанча муддатда олиниши белгилаб қўйилиши керак.

Акцияларни олиш вақтида уларга ҳақ тўлаш пул маблағлари билан амалга оширилади. Акцияларни олиш муддати акцияларни олиш тўғрисидаги қарор билан белгиланади, бу муддат ўн кундан кам бўлмаслиги керак. Жамият томонидан оддий акцияларни олиш нархи уларнинг бозор қийматига мувофиқ белгиланади.

Қайси муайян турдаги акцияларни олиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, ўша акцияларнинг эгаси бўлган ҳар бир акциядор мазкур акцияларни сотишга ҳақли, Жамият эса уларни олиши шарт. Агар Жамият томонидан олиниши тўғрисида акциядорларнинг аризалари тушган акцияларнинг умумий сони Қонунинг 37 модда билан белгиланган чекловлар ҳисобга олинган ҳолда Жамият олиши мумкин бўлган акцияларнинг сонидан ортиқ бўлса, акциядорлардан аризада кўрсатилган талабларга мутаносиб равишда акциялар олинади.

Акциялар олинадиган муддат бошланишига кечи билан ўн кун қолганда Жамият муайян турдаги акцияларнинг эгалари бўлган акциядорларни Жамият томонидан акциялар олиниши тўғрисида оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш ва ўз расмий веб-сайтида жойлаштириш орқали хабардор этиши шарт. Билдиришда Уставнинг 5.5.4. бандида кўрсатиб ўтилган маълумотлар бўлиши лозим.

Жамият тасарруфига ўтган акциялар овоз бериш ҳуқуқини бермайди, овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди, улар бўйича дивидендлар ҳисоблаб чиқарилмайди.

Кейинчалик қайта сотиш мақсадида Жамият тасарруфига ўтган акциялар улар Жамият тасарруфига ўтган пайтдан эътиборан бир йилдан кечиктирмай реализация қилиниши керак, акс ҳолда акциядорларнинг Умумий йиғилиши Жамиятнинг Устав фондини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилиши лозим. Кўрсатилган муддатда реализация қилинмаган акциялар бекор қилиниши керак.

Жамият томонидан ўз акцияларининг олиниши, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, мустақил равишда ёки қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари орқали амалга оширилади.

Жамият ўзи чиқарган акциялар бўйича уларни қайтариб сотиб олиш шарти билан битимлар тузишга, шунингдек ўзи чиқарган акцияларни ишончли бошқарувга беришга ҳақли эмас.