2014 йил 16 апрел Тошкент шаҳри

1.1. "Юнусобод дехкон бозори" очиқ акциядорлик жамияти номидан, жамият Кузатув Кенгаши раиси А.Салихов, «Жамият» деб аталади, бир томондан ва кейинчалик «Директор» деб аталадиган Сабиров Иброхим Зоитович иккинчи томондан қуйидагилар тўғрисида мазкур меҳнат шартномасини туздилар:

2. Умумий қоидалар

2.1. “Юнусобод дехкон бозори” ОАЖ жамиятнинг раҳбарлик ижро этувчи органига директор лавозимига ишга қабул қилинади.
2.2. Шартнома бир йилга муддатга яъни, 2014 йил якуни бўйича акциядорлар умумий йиғилиши санасигача тузилган.
Амалда бўлиш муддати тамом бўлгандан сўнг меҳнат шартномаси янги муддатга тузилиши мумкин. Меҳнат шартномаси янги муддатга тузилаётганда унинг шартлари мазкур меҳнат шартномаси шартларидан фарқ қилиши мумкин.
2.3. Синов муддати – муддатсиз
2.4. Мазкур меҳнат шартномаси бўйича И.Сабиров жамият директорнинг лавозим мажбуриятларини бажариш мажбуриятини ўз зиммасига олади, Жамият эса унинг ишлаши учун зарур бўлган шарт-шароитлар билан таъминлаш, иш ҳақи тўлаш ва ижтимоий маиший шарт-шароитлар яратиш ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларига ва мазкур меҳнат шартномасига мувофиқ имтиёзлар бериш мажбуриятини олади.
2.5. Директор ўз фаолиятида амалдаги қонун ҳужжатларга, жамият Низомига, Акциядорлар Умумий Мажлиси ва жамият Кузатув Кенгашининг қарорларига амал қилади. Директор лавозими бўйича жамиятнинг яккабошчилик асосида иш юритувчи ижро этувчи органининг раҳбари ҳисобланади.
2.6. Директор ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ва мажбуриятларини бажаришда жамият манфаатлари йўлида иш кўриши ва жамиятга нисбатан ўз мажбуриятларини ҳалол ва оқилона бажариши керак.

3. Директорнинг мажбуриятлари

Директор қуйидагиларга мажбур:
3.1. Ўз ваколати доирасида Жамиятнинг самарали ва барқарор ишлашини таъминлаган ҳолда унинг кундалик фаолиятига раҳбарлик қилиш, фақат Акциядорларнинг Умумий Мажлиси ва Кузатув Кенгаши ваколатига киритилган масалалар бундан мустаснодир;
3.2. Акциядорлар Умумий Мажлиси ва жамият Кузатув Кенгаши қарорлари бажарилишини ташкил этиш;
3.3. Жамиятнинг таркибий бўлинмаларининг самарали ҳамкорлик қилишини таъминлаш;
3.4. Жамият шартнома мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш;
3.5. Ишлаб чиқаришни ва ижтимоий соҳани ривожлантириш учун, Жамиятнинг умумий мажлис қарори билан тасдиқланган даромад ва харажатлар сметасини тўлиқ бажарилишини таъминлаш, ҳамда ҳар чорак якунига асосан жамиятнинг Кузатув Кенгаши олдида ҳисобот бериш;
3.6. Жамиятни ривожлантириш дастурлари ва бизнес-режалари ишлаб чиқилишига раҳбарлик қилиш, уларнинг бажарилишини ташкил этиш ва назорат қилиш;
3.7. Жамият фаолиятида қонунийликни таъминлаш;
3.8. Жамиятда бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи ташкил этилишини, унинг зарур ҳолатда бўлиши ва ишончлигини таъминлаш, йиллик ҳисобот ва бошқа молиявий ҳисоботларининг тегишли органларга, шунингдек, акциядорларга, кредиторларга ва бошқа маълумотларни олувчиларга жамият фаолияти тўғрисидаги бериладиган маълумотларнинг ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш;
3.9. Жамият тафтиш комиссияси ва жамият аудиторининг талабига кўра жамият молиявий-хўжалик фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тусиқсиз тақдим этиш;
3.10. Давлат статистика ҳисоботлари тўлиқлигини ва уларнинг тегишли органларга ўз вақтида тақдим этилишини таъминлаш;
3.11. Жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи ахборотни сақлаш, агар бундай ахборотни учинчи шахсларга бериш унинг вазифалари доирасига кирмаса. Жамиятнинг тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар рўйхати Кузатув Кенгаши томонидан аниқланади;
3.12. Хизмат ёки тижорат сири ҳисобланган ахборотнинг жамият ходимлари томонидан сақланишини таъминлаш;
3.13. Жамиятни малакали кадрлар билан таъминлаш, жамият ходимларининг билимлари, малакалари, тажрибалари ва қобилиятларидан яхшироқ фойдаланиш юзасидан чора-тадбирлар кўриш;
3.14. Меҳнат ва технология интизоми сақланишини, ижтимоий кафолатларга риоя қилинишини ва жамият ходимлари меҳнатини муҳофаза қилинишини таъминлаш;
3.15. Жамоа музокараларида иш берувчининг вакиллари қатнашишини таъминлаш. Жамоа шартномалари ва битимларини тузишда иш берувчи сифатида иш кўриш. Жамоа шартномаси бўйича мажбуриятларни бажариш;
3.16. Ўз ваколатига кирувчи ишлар тўғрисидаги ахборотни акциядорлар Умумий Мажлисига ва Кузатув Кенгашига белгиланган муддатларда такдим этиш;
3.17. Кузатув Кенгаши билан узоқ муддат давом этадиган хизмат сафарларини ва таътиллардан фойдаланиш вақтини келишиб олиш. У узоқ вақт бўлмаганда унинг вазифаларини бажарувчи шахс тўғрисида Кузатув Кенгашини хабардор қилиш;

4. Жамиятнинг мажбуриятлари

Жамият қуйидагиларга мажбур:
4.1. қонун, жамият Низоми ва мазкур меҳнат шартномаси билан Директор ваколатига киритилган фаолиятга аралашмаслик;
4.2. Мазкур меҳнат шартномаси шартларига оғишмай амал қилиш;
4.3. Директор ўз мажбуриятларини самарали бажариши ва ҳуқуқларини амалга ошириши учун уни зарур воситалар ва материаллар билан таъминлаш;

5. Директорнинг ҳуқуқи

Директор қуйидаги ҳуқуқларга эга:
5.1. қонун, Жамият Низоми ва мазкур меҳнат шартномаси билан унинг ваколатига киритилган жамият жорий фаолиятига раҳбарлик қилишга доир барча масалаларни мустақил равишда ҳал этиш;
5.2. Жамият номидан ишончномасиз иш кўриш, шу жумладан бошқа ташкилотлар ва органлар билан ўзаро ҳамкорликда унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, банкда ҳисоб-китоб счетлари ва бошқа счетлар очиш, битишувлар тузиш, фақат Акциядорлар Умумий Мажлиси ва Кузатув Кенгаши ваколатига киритилган битишувлар тузиш бундан мустасно, Жамият Низомида келишиб олинган доирада мол-мулк ва пул маблағларини тасарруф этиш, шартнома ва контрактлар тузиш, ишончномалар бериш ва ёзишмалар олиб бориш;
5.3. Жамият тузилмаси ва штат жадвалини тасдиқлаш, ходимлар билан меҳнат шартномалари тузиш ҳамда уларни бекор қилиш;
5.4. Жамоа музокаларида ва жамоа шартномаларини тузишда жамият номидан иш кўриш;
5.5. Ўз ваколатига киритилган масалалар бўйича жамиятнинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар чиқариш ва кўрсатмалар бериш;
5.6. Жамият ходимларини рағбатлантириш;
5.7. Жамият ходимларидан ички тартиб қоидалари, жамиятда амалда бўлган бошқа қоидаларнинг, шунингдек меҳнат шартномаси шартларининг бажарилишини талаб қилиш. Жамият ходимлари томонидан меҳнат интизоми бузилган ҳолларда жамият ходимларига нисбатан интизомий жазо чораларини қўллаш;
5.8. Жамият ходими билан меҳнат шартномаси тузишда унинг учун жамиятнинг хизмат ва тижорат сири ҳисобланган маълумотлар ҳажми ва таркибини аниқлаш;
5.9. Ўз ваколатига кирувчи айрим масалаларни ҳал этишни бошқа мансабдор шахсларга– Директор ўринбосарларига ва таркибий бўлинмаларнинг раҳбарларига топшириш;

6. Жамиятнинг ҳуқуқлари

Жамият қуйидаги ҳуқуқларга эга:
6.1. Директорнинг амалдаги қонун ҳужжатларига, жамият Низомига, акциядорлар Умумий Мажлисига ва жамият Кузатув Кенгаши қарорларига риоя этишини назорат қилиш;
6.2.  Директор мазкур меҳнат шартномаси бўйича мажбуриятларни ҳалол ва тўла ҳажмда бажаришини талаб қилиш;
6.3. Директорни рағбатлантириш;
6.4. Директорга интизомий жазо бериш;


7. Меҳнатга ҳақ тўлаш. Таътил бериш.
 Директорнинг ижтимоий маиший таъминоти.

 Мазкур меҳнат шартномасида назарда тутилган мажбуриятларни бажарганлик учун Жамият Директор га:
7.1. Бир ойда штат жадвалига мувофиқ ойлик маош тўланади.
Жамият бўйича умуман шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланадиган энг кам ойлик иш ҳақи оширилиши муносабати билан Директорнинг лавозим ойлик иш ҳақи оширишнинг умумий коэффициентига ўзгаради.
7.2. Директор ҳар чорак учун сметага мувофиқ белгиланган соф фойдани ортиғи билан бажарса, у ҳолда, Директор га соф фойдани ошириб бажарилган қисмидан мукофат берилиши мумкин.
7.3. Жамиятда амалда бўлган қоидалар билан назарда тутилган бошқа тўловлар ва ҳақлар;
7.4. Директорга 24 иш куни бўлган ҳар йилги ҳақ тўланадиган таътил белгиланади;
7.5. Мазкур меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда жамият Кузатув Кенгаши томонидан Директорга ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин. Ишдан бўшатиш нафақаси тўлаш шартлари ва унинг миқдори Директорнинг жамиятдаги иш муддати узунлигига ва мазкур меҳнат шартномаси бекор қилиниши сабабларига кўра жамият Кузатув Кенгаши томонидан белгиланади;

8. Меҳнат шартномасининг бошқа шартлари

8.1. Директорнинг бошқа корхоналар, ташкилотлар ва муассасалардан ўриндошлик тарзида лавозимни эгаллашига фақат Жамият Кузатув Кенгашининг розилиги билан йўл қўйилади, у бундай ўриндошликни бир ҳафта муддатда кўриб чиқиши керак;
8.2. Директор ўзининг айбли ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) билан жамиятга етказилган зарар учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда жавоб беради;
8.3. Мазкур меҳнат шартномасига ўзгартириш ва қўшимчалар меҳнат шартномаси томонларининг келишувига кўра қўйидаги ҳолларда киритилиши мумкин;
амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритилганда;
жамият Низоми ўзгарганда;
мазкур меҳнат шартномаси томонларидан хоҳлаган бирининг ташаббуси билан;
Ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур меҳнат шартномасининг ажралмас қисми ҳисобланадиган ёзма ҳолдаги қўшимча келишув билан расмийлаштирилади;
8.4. Мазкур меҳнат шартномасига доир низолар ва англашилмовчиликлар томонларнинг келишувига кўра, келишувга эришилмаган ҳолларда эса амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади;

9. Меҳнат шартномасини тўхтатиш

9.1. Мазкур меҳнат шартномаси унинг муддати тугаши билан тўхтатилади;
9.2. Мазкур меҳнат шартномаси:
9.2.1. Директор томонидан:
мазкур меҳнат шартномаси бўйича мажбуриятлар у томонидан тўлиқ ҳажмда бажарилишига тўсқинлик қилувчи кассаллик ёки ногиронлик ҳолларда;
мазкур меҳнат шартномаси бўйича мажбуриятлар жамият томонидан бузилган ҳолларда;
бошқа узрли сабабларга кўра муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин;
9.2.2. Жамият томонидан:
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида назарда тутилган асосларга кўра;
Кузатув Кенгаши қарорига кўра, шу жумладан акциядорларнинг ҳуқуқлари бузилганда, корхонанинг молия-хўжалик фаолияти жиддий равишда ёмонлашганда, маҳсулотларни сотиш, хизматлар кўрсатиш ҳажмлари асоссиз қисқартирилганда, жамиятнинг ночорлиги (банкродлиги) белгилари мавжудлиги ёки унинг пайдо бўлиш хавфи туғилганда, давлат бюджети олдида барқарор қарздорлик пайдо бўлганда муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.
Кузатув Кенгаши учун мазкур шартнома муддатидан олдин тугалланишига Директор томонидан мунтазам равишда даромад ва харажатлар сметасининг бажарилмаслиги (ёки бузилиши) асос бўлиши мумкин.

Мазкур шартнома бир хил юридик кучга эга бўлган икки нусхада тузилди.
Биринчи нусха жамиятда, иккинчиси Директорда сақланади.

 

" Юнусобод дехкон бозори "
очиқ акциядорлик жамияти
Кузатув Кенгаши раиси

А.Салихов

______________________
(имзо)

2014 йил 16 апрел

муҳр

" Юнусобод дехкон бозори"
очиқ акциядорлик жамияти
Директори

И.Сабиров

______________________

(имзо)

2014 йил 16 апрел